Уммат бобо зиёратгоҳи Фарғона вилояти, Бешариқ тумани,  Шайтонкўл қишлоғида жойлашган. Бу зиёратгоҳ битта мақбара ва зиёратчилар учун хонақоҳни ўз ичига олади.
Унинг қурилиши ХИ аср ўрталарида бўлган. Дастлаб бу жойда қабрнинг ўзи бўлган, ихлосмандлар томонидан обод этиб турилган. Мустақиллик йилларидан кейин муқаддас қадамжолар ободлиги йўлида амалга оширилган қатор ислоҳотлар натижасида ушбу жой диққатга сазовор зиёратгоҳ кўринишига келтирилган.
Ривоятларга кўра, Уммат бобо асли Яйпанлик бўлиб, ўз дардига шифо излаб, от аравасида Шайтонкўл қишлоғига келган эканлар. Бир куни бу ҳазрат Шайтонкўлга етиб келиб, таяммум қилади, намоз ўқиб Аллоҳга сажда қилади, шунда Улуғ фаришта Жаброил алайҳиссалом намоён бўлиб, унинг тоат ва илтижоси мақбул бўлгани, унинг дардига шу жой тупроғи шифо экани ҳақида “хабар” беради.

Бу илоҳий “хушхабар”дан хурсанд бўлгани ҳолда, Яратгандан шундай илтижо ҳам қилган эканлар: “Эй Аллоҳим, ушбу тупроқни менга шифо этганингга чексиз ҳамд-у санолар бўлсин, бу тупроқни менга шифо бўлгани каби бошқа барча мусулмон умматига ҳам шифо қилгин!”.
Шундан бошлаб, бу жой тупроғи турли яралар ва тошмаларга даво бўлиб келади.

Адҳамжон Қосимов,

Фарғона вилояти.