Янги замон одамининг шаклланиши

учун тарих ҳам улуғ бир мактаб.

Абдулла Орипов.

         Юртимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов вилоятимиз ҳақида сўз юритар эканлар қуйидаги фикрларни келтириб ўтгандилар: “Гарчи Навоий вилоят сифатида нисбатан ёш бўлса-да, ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, бу воҳа ўзининг узоқ тарихига, кўҳна илдиз-томирларига эга. Бунинг исботини шу заминда азалдан мавжуд бўлиб келган Кармана шаҳри, Нурота каби қадимий манзиллар, Работи Малик, Тошмасжид, Чилустун, Кўкгумбаз каби обидалар, Қосим Шайх, Мавлоно Ориф  Деггароний каби азиз авлиёларнинг муқаддас қадамжолари мисолида кўришимиз мумкин”.  Ҳақиқатда вилоятимиз ўзига хос тарихга эга. Турон замин тарихида Нур номи билан жаҳонга машҳур бўлган Нурота юртимиз тарихининг зарварақларидандир. Нурота хусусида тарих манбаларини варақлаганда у кўз ўнгимизда Шарқ дунёсининг муҳим маданият ўчоғи сифатида намоён бўлади.

Абубакр Наршахийнинг Х асрда ёзилган “Бухоро тарихи” асарида гўзал Нурота ҳақидаги ушбу фикрларни учратишимиз мумкин: “Нур катта ва гўзал жой. Анда кўпгина работлар бор. Нур соҳилида муқаддас қабр ва жоме масжиди бор”. Маълумотларга қараганда эрамиздан аввалги IV-III асрларда Нур мудофаа қалъаси қурилган. Мелодий IV-VII асрларда қайта қурилган ва Нур шаҳристони бунёд бўлган. Ҳозирда ҳам ушбу қалъа деворлари қолдиқлари сақланиб қолган.

Тарихнинг зарбаларига бардош бериб ҳозирги кунга қадар ўз салобатини йўқотмаган қадимий бинолардан бири Панжвақт масжид-хонақосидир. У XVI асрда бунёд этилган бўлиб, кейин бир неча бор кенгайтирилган. Унинг икки томонида XIX асрнинг ўрталарида масжидга тақаб қурилган айвонлар жойлашган. Чилустун номини олган жоме масжиди ҳам ҳудуд кўркига кўрк қўшиб турибди. У 25 та кичик гумбаз билан қопланган. Масжид ХVI асрда қурилган, бироқ унинг эски қисмидан фақат тош пойдевор сақланиб қолган. Масжиднинг пештоқидаги ёзувнинг гувоҳлик беришича 1321, 1903-1904 йиларда тубдан таъмирлаш ишлари олиб борилган. Меъморий мажмуанинг шимол томонида 1922-йилда қурилган ҳаммом жойлашган.

Бугунги кунда Нурота мамлакатимизнинг  сўлим ва сайёҳларнинг қадами узилмайдиган гўшага айланган. Нуротанинг киши эътиборини тортадиган жиҳатидан бири бош ҳовуз ва шаҳар ҳовуз шаҳобчаларида балиқлар жуда кўп. Ҳудуд аҳолиси ва бу ерга зиёратга келувчилар бу балиқларни овлаш, уларга зиён етказишга журъат этиша олмайди. Чунки халқ таъбири билан айтганда бу ердаги балиқлар булоқ суви сингари муқаддас ҳисобланади.

“Тарихни кўзгу дейишади. Бу кўзгуда шу ерда яшаб ўтган жамики аждодлар кечмиши, ота-боболаримиз ҳаёти намоён бўлади” – деган эдилар Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов. Миллатимизнинг тарихи буюк ва худди шундай буюклигича қолади. Биз ёшларнинг асосий мақсадимиз мана шу буюк тарихга муносиб фарзанд бўлиш ва ҳали очилмаган сир-асрорларни очишда муносиб ҳисса қўшишдир.

Рўзиқул ОЧИЛОВ,

Қизилтепа енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.