Учтутдаги қадимий ёдгорлик 

АЖДОДЛАР МАКТУБИ  Мана неча асрдирки, дунё афкор оммаси Ўрта Осёда нодир ва ноёб бўлган ўрта палеолит даврига мансуб маконлиги билан фан оламида машхурлигини йўқотмаган Учтут қишлоғига, айниқса, сўлим қишлоқ яқинидаги Учтут чақмоқтош конларига катта қизиқиш ва эътибор билан қараб келаётир. 1958 йилнинг кузида бир гуруҳ мутахассислар, жумладан, археолог Х.Мухаммедов воҳадаги “Кампирак девор” қолдиқларини ўрганаётган пайтида […]

АЖДОДЛАР МАКТУБИ 

Мана неча асрдирки, дунё афкор оммаси Ўрта Осёда нодир ва ноёб бўлган ўрта палеолит даврига мансуб маконлиги билан фан оламида машхурлигини йўқотмаган Учтут қишлоғига, айниқса, сўлим қишлоқ яқинидаги Учтут чақмоқтош конларига катта қизиқиш ва эътибор билан қараб келаётир.

1958 йилнинг кузида бир гуруҳ мутахассислар, жумладан, археолог Х.Мухаммедов воҳадаги “Кампирак девор” қолдиқларини ўрганаётган пайтида ушбу ҳудудда чақмоқтошдан ясалган ибтидоий қуролларнинг ер юзасида кўриниб қолган қолдиқларига дуч келган. Олимларнинг фикрича, Мустье – қадимги тош даврида аждодларимиз гала-гала бўлиб яшаган ва ҳайвонларни овлашда, рўзғор ва хўжалик юритишда чақмоқтошлардан ясалган турли қуроллардан фойдаланишган.

Даврлар ўтиши билан қабилаларда ҳаёт ривожланиб, турли қуроллар ясаш учун хомашё топиш зарурати паёдо бўлган ва зукко аждодларимиз чақмоқтошни кашф этишган.

Ўзбекистон миллий энциклопедиясида бу ер ҳақида қуйидагилар ёзилган: “Учтут чамоқтош конларининг умумий майдони 8 минг квадрат метр бўлиб, шундан 1 минг квадрат метр жойи ўрганилган. Конлар тупроқ қатламидан буғу курак суяги, ёғоч қуролларнинг излари, шахталар ичида эса учи силлиқланиб кетган ҳайвон шохлари топилган. Одамлар чақмоқтошларни тош қуроллар билан кавлаб, тоғ жинсидан ажратиб, сўнгра оғир вазндаги қайроқтош билан уриб, бир неча бўлакларга бўлиб олганлар. Нам тортган чақмоқтошлар мўртроқ бўлиб, қурол-яроғ ясаш осонроқ бўлган. Улар кон яқинидаги чақмоқтошлардан қуроллар ясаб, ибтидоий устахоналарни вужудга келтирганлар. Учтут устахонасида ер сатхида очиқ ҳолда ётган 844 та чақмоқтош қуроллари топилган, шулардан 26 тасини мукаммал қуроллар ҳисобланган нукласлар, тарошланган ва найсимон қуроллар ташкил этади.

Ҳозиргача Учтут чақмоқтош конидан 35 хил тош ва ҳайвон шохидан ясалган қуроллар топилган. Булар қадимги одамларнинг кондан узоқ муддат хом-ашё манбаи сифатида фойдаланиб келганини кўрсатиб турибди.”

– Бугунги кунда конлар устини тупроқ ва ўсимликлар қоплаган дейди, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Ҳамид Ҳотамов. – Учтутнинг шимолий тарафидаги Хонтахти, Тошқўтан, Майдонхон ва шимолий шарқдаги Чақмоқтепа деб номланадиган тоғ олди тепаликларида ҳозир ҳам чақмоқтошларнинг майда бўлаклари сочилиб ётибди. Эътиборли жиҳати шундаки, Учтут шахтасининг Ижанд ва бошқа худди шундай шахталардан фарқли томони, Учтут чақмоқтош кони Палеолит, Мезолит, Неолит даврларида ҳам фаолиятини тўхтатмаган. Ана шу ноёб ва тарихий жой ҳақида ўқувчи-ёшларга аниқ мисоллар орқали тушунтирмоқдамиз.

Дарҳақиқат, бугун ҳам аждодларимизнинг авлодлар учун қолдириб кетган “мактуби” муваффақиятли ўқилмоқда.

Манбалар асосида

Умид ХУДОЙҚУЛОВ тайёрлади.