НАВОИЙ ВИЛОЯТ ТАРИХИЙ-ЎЛКАШУНОСЛИК МУЗЕЙИ

Тарих – халқни тушуниш калитидир. Петр Чаадаев. Она юртимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгач миллий тарихини тиклаш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилди. Озодликнинг илк йилларида, яъни 1992-йил 31-декабрида Навоий вилоят ҳокимлигининг “Вилоят тарихий-ўлкашунослик музейини ташкил этиш тўғрисида”ги №12/284-сонли қарори қабул қилингани ана шу эзгу ишларнинг бир ифодаси бўлди. Ушбу қарор асосида ҳозирги “Хотира хиёбони” мажмуаси ҳудудидан […]

Тарих – халқни тушуниш калитидир.
Петр Чаадаев.

Она юртимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгач миллий тарихини тиклаш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилди. Озодликнинг илк йилларида, яъни 1992-йил 31-декабрида Навоий вилоят ҳокимлигининг “Вилоят тарихий-ўлкашунослик музейини ташкил этиш тўғрисида”ги №12/284-сонли қарори қабул қилингани ана шу эзгу ишларнинг бир ифодаси бўлди. Ушбу қарор асосида ҳозирги “Хотира хиёбони” мажмуаси ҳудудидан бино ажратилиб, капитал реконструкция ва қурилиш ишлари амалга оширилди. “Садоқат” кўчаси 17-уйида вилоят музейи ташкил этилди. Бугунги кунда музей фондида 5238 та экспонатлар бўлиб, улар доимий равишда экспозицияларда ва кўргазмаларда тегишли мавзуларга мослаштирилиб, томошабинлар эътиборига намойиш этилмоқда. Вилоят тарихий-ўлкашунослик музейида 8 та бўлим бўлиб, улар: Табиат, археология, тарих, мустақиллик ва қишлоқ хўжалиги, этнография, амалий саънат, саноат ва Алишер Навоий бўлимларидан иборат.
Табиат бўлимида Навоий вилояти Республикамиздаги ўзига хос бошқа бирорта вилоятда учрамайдиган ноёб ва турфа-хил табиатига тегишли экспонатлар мавжуд. Вилоят худуди табиий шароитга кўра уч қисмга бўлинади. Вилоятнинг шимолий-ғарб қисмини Қизилқум чўллари эгаллаган, шимолий-шарқ қисмида Нурота тоғ тизмаларига тегишли Қоратоғ, Оқтоғ сингари тоғлар бўй чўзган бўлса, Зарафшон дарёси воҳасининг ўрта қисмида вилоятнинг деҳқончилик зонаси ўрнашган. Ушбу бўлимда юқорида кўрсатиб ўтилган табиат тарихи ва бугунги ҳолати тўғрисида қизиқарли маълумотлар билан ёритиб берилган. Айниқса, ёввойи ғоз, ўрдак, Амударё катта курактумшуқ балиғи, тустовуқ каби жониворлар тулуплари томошабинларга кенг ва қизиқарли экскурсиялар орқали тушунтирилмоқда. ЭКО ҳаракат, вилоят экологияси, Қизил китоб рўйхатига киритилган йўқолиб кетиши хавфидаги ноёб турлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам ушбу бўлимда ўз аксини топган.
Археология бўлимида музейнинг энг қадимги ва ноёб экспонатлари сақланади. Шу жумладан, 95-100 миллион йиллик Минг булоқ ботиғидаги Жарақудуқ тошўрмон дарасидан келтирилган тошга айланган турли дарахтлар бўлаклари, мева қолдиқлари, маржон қоялари, чиғаноқлар, динозавр суяклари, йиртқич балиқлар тишлари ўрин олган. Бундан ташқари Зардуштийлар динида дафн маросимида ишлатилган остадон қопқоғи, Жалоирнинг Бурқуттепасидан топилган 2300 йиллик тарихга эга сопол хум ва қадимий тегирмон тошлари мавжуд. Шунингдек, Сармишсой табиий археологик мажмуа музей қўриқхонасининг ноёб петроглифлари, фотолавҳалари ҳам мазкур бўлимда кенг ёритилган бўлиб, улар ёрдамида томошабинлар бемалол Сармишсой дарасида бўлиб саёҳат қилгандек бой таассуротларга эга бўлишлари мумкин.
Тарих бўлимида ўрта асрлар тарихини акс эттирувчи ноёб экспонатлар жой олган. Унда Буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига доир китоблар, Амир Темур шажараси шу давр тарихига доир маданий ёдгорликлар Тошмасжид, Работи Малик карвонсаройи, Қосим Шайх ёдгорликлари ва Катта гумбаз, Чилустун, Нур қалъаси ва яна кўплаб обидалар кўриниши акс эттирилган фотолавҳалар жойлаштирилган. Шунингдек, ўрта аср қадимий маҳаллий халқ усталари томонидан ишланган сопол, чарим, ёғоч ва мисдан ишланган буюмлар намойиш этилган. Қолаверса бу бўлимдаги милоддан аввалги II асрга оид
суякдан ясалган ханжар суръати алоҳида аҳамият касб этади.
Этнография бўлимидан жой олган экспонатлар, урф-одатларга доир ашёлар, ижтимоий жабҳаларга оид буюмлар, нафосат ва эстетик дид билан тикилган сўзана ва кашталар, турли-туман маросимларда кийиладиган ранг-баранг ХIХ асрнинг охири ХХ асрнинг бошларига тааллуқли либослар кенг жой олган. Вилоятимиз аҳолиси кўп миллатли эканлиги учун ўзбек, тожик, қозоқ, қороқалпоқ, рус ва корейс миллий либослари бўлимда кенг намойиш этилмоқда. Ундан ташқари қозоқ ўтовлари ва қорақалпоқ кигизларига асосланган экскурсиялар сайёҳларга этнография тўғрисида қизиқарли маълумотлар беради. VIII асрга оид паранжи, чачвон, IХ асрга тааллуқли салла, тўн, кўйлак, тиллақошлар ушбу бўлимга алоҳида кўрк бағишлаб турибди.
Қишлоқ хўжалиги бўлимида улуғ аждодларимиз томонидан кашф этилган ва деҳқончилик ҳамда чорвачиликда ишлатилган, ҳунармандчиликда фойдаланилган иш қуроллари жой олган. Вилоятимиз ҳудудида қадимдан етиштирилган донли ва дуккакли экинлар ҳосили намуналари ўрин олган. Ғаллачилик, пахтачилик, пиллачилик, асаларичилик, қоракўлчилик каби қишлоқ хўжалиги соҳаларида мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар тўғрисида маълумотлар ва фотолавҳалар асосида экскурсиялар олиб борилади. Кўп йиллик самарали хизматлари ва чорвачиликни ривожлантиришдаги жасорати учун “Ўзбекистон Қахрамони” унвони соҳиби Серикбай Сагатов тўғрисида ҳам қизиқарли маълумотлар ёритиб берилган.
Мустақиллик бўлимида, юртимизнинг 25 йил давомида эришган ютуқлари ва вилоятимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари тўғрисидаги материаллар намойиш этилган. Экспозицияда замонавий иншоотлар – “Камолот” Ёшлар маркази, Ёшлар спорт мажмуаси каби яна кўплаб шаҳримиз кўркига кўрк қўшган кўчалар кўриниши билан уйғун ҳолда маданият ва санъат соҳасида эришган ютуқлар, ҳунарманд ва рассомларнинг ижодий ишларидан намуналар акс эттирилган. Вилоятимиз буюк мутаффаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий номи билан аталганлиги учун шоир ҳаёти ва фаолияти кенг ёритилган. Шоирнинг дунёга машхур бўлган девонлари, ғазал ва шеърий тўпламларидан намуналар, унинг асарларига ишланган миниатюралардан лавҳалар қўйилган.
Халқ амалий санъати бўлими. Амалий санъатнинг энг кўп тарқалган ва оммавий тури каштачилик бўлиб у қадимий анъаналарга бойдир. Бунда Нурота каштачилигик мактаби алоҳида эътиборга лойиқ. Шунга доир намуналар ушбу бўлимдан кенг жой олган. Ҳунармандлар томонидан ясалган уй-рўзғор буюмлари ва Юрий Кузнецов томонидан қарағай дарахт илдизларига ишланган санъат асарларидан намуналар қуйилган. Миллий мусиқа санъатига мансуб чолғу асбоблари най, танбур, дутор, доира, ғижжак каби ноёб намуналар ушбу экспозицияга жойлаштирилган.
Саноат бўлими. Навоий Республикамиздаги саноат соҳаси ривожланган регион эканлиги муносабати билан, юртимиздаги донгдор саноат корхоналари тарихи музейда кенг ёритилган. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган турфа-хил махсулотлар намуналари бўлимдан ўрин олган. Қизилқумтсемент ОАЖ, Навоий Кон Металлургия комбинати Давлат корхонаси, Навоий Иссиқлик электр станцияси, НавоийАзот ОАЖ, Навоий эркин иқтисодий индустриал зонаси каби саноат корхоналари меҳнаткашларининг ҳаёти ва фаолияти, жасоратлари ва соҳалардаги ижтимоий хизматлар тўғрисида бир-биридан қизиқарли маълумотлар, фотолавҳалар ва ноёб экспонатлар кенг жойлаштирилган ва қизиқарли экскурсиялар ўтказилиши учун шарт-шароитлар яратилган.
Сўнгги Алишер Навоий бўлимида шу йилнинг 11 феврал куни “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги Халқаро илмий конференция ҳақидаги экспонатлардан ташкил топган.
Айни вақтда музейга ташриф буюрган ҳар бир инсон вилоятимизнинг неча минг йиллик тарихга туташ илдизлари ҳамда бугунги кунда вилоятимизнинг қўлга киритган улкан ютуқлари билан тўлақонли танишиш имкониятига эга. Сиз ҳам ушбу музейга ташриф буюринг ҳамда тарих ҳикояларидан баҳраманд бўлинг!

Рўзиқул Ҳамроқул ўғли,
Қизилтепа енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.