“НАВОИЙ ЁШЛАРИ” ГАЗЕТАСИ ТАҲРИРИЯТИНИНГ

“Навоий – кўҳна тарих маскани” мавзусидаги

Грант лойиҳаси билан танишинг!

 “Навоий ёшлари” газетаси таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди томонидан Грант олиш учун эълон қилинган 2016 йилдаги танловида иштирок этди. Грант танловида “Интернет тармоғида Ўзбекистон халқларининг бой тарихий-маданий меросини акс эттирадиган ноёб экспонатларга оид ахборот материалларини тарқатиш” йўналишига газетамиз таҳририяти “Навоий – кўҳна тарих маскани” мавзусидаги веб-саҳифалар ташкил этиш ва уларни интернет тармоғи ёрдамида кенг оммага етказиш орқали бой тарихимизни бутун дунёга танитиш” мавзусидаги лойиҳасини тақдим этди.  Лойиҳа Фонд томонидан 25 000 000 (йигирма беш миллион) сўм маблағ билан таъминланди.

Лойиҳа давомида “Навоий – кўҳна тарих маскани” деб номланган махсус uz-travel.uz веб саҳифаси тайёрланиб, унда мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги шукуҳи ила Навоий вилояти ҳудудлари бўйлаб жойлашган 25 та қадамжолар моҳияти кенг ёритиб берилди.

Бунинг учун Навоий вилоят маданият бошқармаси, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятдаги Учқудуқ, Хатирчи, Нурота, Кармана, Конимех, Навбаҳор, Қизилтепа туманлари ва Навоий ҳамда Зарафшон шаҳарларида жойлашган тарихий маконлар, қадамжолар, музейлар ҳақида интернет тармоғи ва ОАВда кенг ёритиб борилди.

Бундан ташқари лойиҳанинг яна бир ўзига хос томони шундан иборатки, мустақиллик шарофати билан қайта тикланган тарихий масканлар ҳамда ҳали кўпчиликка маълум бўлмаган қадамжоларнинг бугунги ҳолатини акс эттирувчи фото лавҳалар ҳамда видеороликлар интернет материаллари орқали кенг ёритилди.

Лойиҳа доирасида “Ёш ўлкашунос” танлови эълон қилинди. Унда 15 ёшдан 35 ёшгача бўлган 50 нафарга яқин ёшлар ўзларининг фото ҳамда видеороликлари билан иштирок этишди.

МУАММОНИНГ ҚЎЙИЛИШИ

Бугун Навоий вилоятида 12 та музей, 14 та археологик ва табиий ёдгорликлар, 20 дан ортиқ зиёратгоҳлар, 8 та қадамжо ва 50дан ортиқ меъморий обидалар мавжуд. Навоий вилояти ҳудудидаги тарихий жойлар, қадамжолар, зиёратгоҳлар, музейлар моҳиятини акс эттирувчи веб-сайтлар мавжуд эмас, мавжуд бўлса-да, тўлақонли эмас.

Навоий вилояти ҳудудидаги ўрганилаётган жойларда туризм ривожи учун муҳим бўлган гит-экскурсаводларнинг йўқлиги асосий муаммолардан бири. Бунга сабаб Туризм ташкилотлари, турфирмаларнинг вилоятдаги музейлар билан алоқа ўрнатмаганлигидир. Бугун вилоятнинг Кармана тумани ҳудудидаги Сангбур тегирмон тоши, Нурота туманидаги Нурота коризлари, Зулқарнайн қоятош суратлари, Хатирчи туманидаги Сангижумон массиви, Шайх Гадой Серкун меъморий обидаси, Қизилтепа туманидаги Тошмасжид ёдгорлиги, Шайх Хожа Бастомий зиёратгоҳи, Навбаҳор туманидаги Сармишсой қоятош суратлари, Учтут чақмоқтош шахталари, Конимех тумани ҳудудидаги Қилич ота мақбараси, Чордара тепалигидаги қурғон, Учқудуқ туманидаги Жарақудуқ тош ўрмони каби узоқ минг йиллик тарихга эга бўлган ва сайёҳлар эътиборига молик ҳудудлар борки, улар ҳақида бирор манбадан маълумот топиш маълум қийинчиликларни юзага келтириши мумкин. Табиийки, маълумотларни топиш имконияти камлиги сабабли туризм ташкилоти томонидан вилоятимизга олиб келинган ёки ўзлари келаётган сайёҳларга юқорида номлари тилга олинган ва шу каби кўплаб тарихий-маданий меросимиз ҳақида батафсил маълумот берувчи гитлар тўлиқ ва ҳаққоний ахборотларни беришга қийналади. Натижада, саёҳатга келган туристлар у жойни шунчаки томошо қилиб кетишмоқда. Унинг тарихи, асосий хусусиятлари ҳақида маълумотга эга бўлишмаяпти.

Биргина Навоий вилояти ҳудудида ўрганилмаган жойлар жуда кўп. Уларнинг кўпчилиги Давлат тасарруфига киритилмаган ерлардир. Мисол учун, илк буғдой қаерда экилган? Нон илк бора қаерда пиширилган? Бу каби саволларга жавобни бизнинг гўшадан топасиз. Яъни Кармана тумани ҳудудидаги Қизбиби тоғи кенгликларида илгари Сангбур қабилалари истиқомад қилишган. Улар деҳқончилик билан шуғулланиб, асосан буғдой экканлар ва уларни тегирмондан ўтказиб нон ёпганлар. Ҳозирда бу маълумотларни тасдиқлаб турадиган 500дан ортиқ тош тегирмонлар бу кенгликда турибди. Бироқ бу ҳақда нафақат туристлар, балки маҳаллий аҳоли ҳам маълумотга эга эмас. Агарда бу жойлар давлат тасарруфига киритилиб, ўрганилиб чиқилса туризм соҳасига муносиб ҳисса қўшган бўлар эди.

Бугун вилоятда фаолият кўрсатаётган тарихий-ўлкашунослик музейларининг бирортасида музейнинг веб-сайтлари мавжуд эмас экан. Бу эса музейшунослик соҳасининг халқаро талабларига жавоб бермаслигида кўзга ташланади.

Қолаверса, Навоий вилоятидаги кўплаб тарихий-маданий объектларнинг Google ва Yandex тизими хариталарида белгиланмаган.

ЛОЙИҲАНИНГ МАҚСАДИ

Бу кўҳна тупроқда милодгача бўлган даврда ва ундан кейин қурилган мураккаб сув иншоотлари, ҳали-ҳануз ўзининг кўрк-у тароватини сақлаб қолаётган осори атиқаларимиз қадим-қадимдан ўлкамизда деҳқончилик ва ҳунармандчилик маданияти, меъморчилик ва шаҳарсозлик санъати юксак даражада ривожланганидан далолат беради.

Маълумки, бирор бир халқ маънавиятига хос қадриятларнинг бошқа халқлар томонидан тан олиниши, табиийки, ана шу халқ тарихига нисбатан чуқур ҳурмат ифодасидир. Бундай эътироф халқнинг ғурур ва ифтихори, миллий ўзлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Шундай экан, биз ҳам Навоий вилояти ҳудуди бўйлаб жойлашган тарихий жой ҳамда қадамжоларимизнинг интернет орқали кенгроқ ёритиб, юртимиз тараққиёти учун ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилдик. Шу билан биргаликда ёшлар маънавий онггини янада бойитиб, туризм соҳасини ривожланишига эришиш мумкин.

ЛОЙИҲА ДАВОМИДА:

– Ўзида Навоий вилоятининг тарихий жойлари, қадамжолари, зиёратгоҳлари ва музейлари моҳиятини акс эттирувчи умумий маълумотлар базаси бўлган uz-travel.uz веб-сайти ҳамда веб-сайтнинг ўзбек, рус ва инглиз тиллардаги иловаси яратилди;

– Навоий вилоятидаги музейлар ҳақида uz-travel.uz веб-сайтида махсус саҳифа очилди;

– Танлаб олинган ҳудуддаги тарихий қадамжолар ҳамда осори атиқалар ҳақида маълумотлар, фото лавҳалар, видеороликлар тайёрланиб, “Навоий – кўҳна тарих маскани” рукни остида интернет тармоғида uz-travel.uz веб-сайти орқали ўзбек ва халқаро тилларда (рус ва инглиз тиллари) мунтазам бериб борилди;

– Кармана тумани ҳудудидаги Сангбур тегирмон тоши ҳудуди урганилиб, бу жой ҳақида фото ва видеолавҳалар uz-travel.uz веб-сайтида жойлаштирилди;

– Нурота туманидаги Нурота коризлари, Зулқарнайн қоятош суратлари акс этган саҳифа яратилди;

– Хатирчи туманидаги Сангижумон массиви, Шайх Гадой Серкун меъморий обидаси uz-travel.uz веб-сайти ўрин эгаллади;

– Қизилтепа туманидаги Тошмасжид ёдгорлиги, Шайх Хожа Бастомий зиёратгоҳи ҳақида uz-travel.uz веб-сайтида маълумотлар жойлаштирилди;

– Навбаҳор туманидаги Сармишсой қоятош суратлари, Учтут чақмоқтош шахталари ҳақида uz-travel.uz веб-сайтида саҳифа яратилди;

– Конимех тумани ҳудудидаги Қилич ота мақбараси, Чордара тепалигидаги қурғон ҳақида uz-travel.uz веб-сайтида маълумотлар келтирилди;

– Учқудуқ туманидаги узоқ минг йиллик тарихга эга бўлган ва сайёҳлар эътиборига молик ҳудуд – Жарақудуқ тош ўрмони ҳақида uz-travel.uz веб-сайтида саҳифа яратилди.

Google, Yandex хариталарида лойиҳа давомида ўрганилган жойлар белгилаб берилди;

– Вилоят аҳолисини, айниқса, ёшларни юртимиз тарихини ўрганишга, уларнинг мустақилликнинг беминнат туҳфаларини қадрлашга бўлган ҳиссини юксалтиришга қаратилган “Ёш ўлкашунос” танлови ўтказилди ва бугун ана шу танлов ғолибларини биргаликда тақдирлаймиз.

 ЛОЙИҲАНИНГ НАТИЖАЛАРИ

– Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари ҳисобига амалга оширилган лойиҳа интернет тармоғи ҳамда оммавий ахборот воситаларининг  ролини янада оширади.

– Интернет тармоғи юртимизга оид янги маълумотлар билан бойиди.

– Бир нафар журналист ва бир нафар таржимон учун иш ўрни яратилди.

– Туризм соҳасининг ривожига ҳисса қўшилиб, ёшларнинг тарихий жойлар ва қадамжолар ҳақидаги билимлари янада бойиди.

– Танлаб олинган ҳудудлардаги ўзига хос жиҳатлар ўрганилди, улар кенг оммага тақдим этилди.

– Лойиҳа асосида ташкил этилган танлов тариғиботи негизида тарихий жойлар ёшлар ўртасида кенг тарғиб этилди.

– Ўсиб келаётган ёш авлоднинг соғлом фикр юритишлари, эзгу ғоялар атрофида фикрлашишини тарғиб этувчи фото лавҳалар, видеороликлар ҳамда мақолалар uz-travel.uz ва navoiyyoshlari.uz веб-сайтларида ҳамда ОАВ да мунтазам бериб борилди.

– Ўрганилган тарихий қадамжолар ва осори атиқалар ҳақидаги маълумотлар интернет тармоқларида ўзбек ва халқаро тилларда (рус ҳамда инглиз тиллари) ёритиб борилди.

Энг асосийси Навоий вилояти ҳудудигагина тегишли бўлган тарихий ёдгорликлар ҳақидаги қимматли маълумотларга эга бўлган ягона портал ташкил этилди. Бу портал кейинчалик республикамизда жойлашган тарихий қадамжолар ҳақида ҳам маълумот бериб турувчи, чет эллик сайёҳлар учун дастурий қўлланмага айланган интернет тармоғига айланиши учун яна кўплаб ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Ундаги маълумотлар ўзбек ва халқаро тилларда бериб борилади.

Бундан ташқари аҳоли ўртасида муқаддас қадамжоларга бўлган эътибор, миллий анъана ҳамда урф-одатларимизга бўлган ҳурмат яна бир бор намоён бўлди. Шу билан биргаликда юртимизнинг бой тарихи жаҳон миқёсида ҳам кенг тарғиб этилди.

Санжар ҚУРБОНОВ,

 “Навоий ёшлари” газетаси бош муҳаррири.